Бугун Учқўрғон туманидаги барча умумтаълим мактабларида янги ўқув йили анъанавий тарзда бошланиб, биринчи қўнироқлар янгради. Янги ўқув йилининг бошланиши муносабати билан тумандаги 1-сонли умумтаълим мактабида бўлиб ўтган тантанали тадбирда туман ҳокими ҳам иштирок этди.
Бугунги кунда 1200 нафар ўқувчи таҳсил олаётган ушбу таълим муассасасига бу йил 127 нафар ўғил-қизлар 1-синфга қабул қилинди. Уларга 121 нафар ўқитувчилар таълим-тарбия бериб келмоқда.
Тадбирда туман раҳбари сўз олиб, барчани мустақиллигимизнинг ўттиз икки йиллиги ҳамда бошланаётган янги ўқув йили билан табриклади ва янги ўқув йили барча ўқитувчи ва ўқувчилар учун омадли ва сермазмун келишига тилак билдирди.
Шунингдек, туманимизда таълим соҳасидаги янгиликлар ва ютуқлар тўғрисида тўхталар экан, жорий йилда ушбу мактабнинг 47 нафар битирувчилари орасидан 27 нафари турли олий ўқув юртлари талабасига айланганини эътироф этиб ўтди.
Тадбир давомида фаол ўқитувчиларга тоифа сертификатлари ҳамда фахрий ёрлиқлар топширилди. Мактаб остонасига илк бор қадам қўяётган ўғил-қизларга эса “Президент совғаси” тантанали тарзда тарқатилди.
Тадбир ўқувчи-ёшлар томонидан тайёрланган бадиий чиқишлар намойиши билан янада кўтаринки руҳда давом этди.
Ўқув йилининг илк соатларида барча синфларда Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллиги муносабати билан «Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!» шиори остида «Мустақиллик дарслари» ўтказилди.
Туман ҳокими мактабнинг 11-синф ўқувчиларига “Мустақиллик дарси”ни ўтди. “Мустақиллик дарси” давомида истиқлолимиз осонликча қўлга киритилмагани, мустақиллик йўлида халқимиз не-не синовларни енгиб ўтгани ва шунинг учун барча ёшлар аждодларга муносиб бўлиб, Ватанимиз тинчлиги ва юртимиз фаровонлигига даҳлдорликни ҳис этишлари лозимлиги тўғрисида гипириб ўтди.
Шунингдек, ўтган 32 йил давомида юртимиз жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллагани, улкан ютуқ ва марраларни қўлга киритгани, бугунги кунда муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида амалга оширилаётган Янги Ўзбекистондаги ўзгариш ва янгиланишларни мисоллар асосида тушунтириб берди.
