— Боғчамиз 120 ўринга мўлжалланган, — дейди мактабгача таълим муассасаси мудираси Мавжуда Умирзақова . — Ҳозирги кунда 60 ўринли қўшимча бино қурилиши биз учун Мустақиллигимизнинг 32 йиллигига муносиб совға бўлди. Муассасамизга болаларни қабул қилишда маҳалладаги кам таъминлаган, боқувчисини йўқотган оилалар фарзандлари учун 50 фоиз чегирма жорий қилинган. Боғчамизда озиқ-овқат маҳсулотларининг сифатли, хавфсиз ва санитария-гигиена талабларига тўлиқ риоя қилинган ҳолда тайёрланишига жиддий эътибор қаратилади. Тарбияланувчиларга белгиланган стандартларга мувофиқ, сифатли, тўйимли ҳамда фойдали таом ва егуликлар тайёрлаб берилмоқда.
Айни пайтда муассасада 35 нафар педагог ходим фаолият юритмоқда. Кундалик машғулотлардан ташқари рус, инглиз тили, шахмат, шашка, расм чизиш, бадиий гимнастика, сузиш тўгараклари ҳам фаолият кўрсатмоқда. Ҳар бир гуруҳ хонасига ўрнатилган кузатув камералари ва янги интеграциялашган электрон мониторинг тизими орқали ота-оналар уйларида ўтириб ҳам интернет ёрдамида фарзандларининг машғулотларда қандай иштирок этаётгани, ўзини тутиши ва кун давомидаги жараёнларни кузатиши мумкин.
— Қизим Диёрахон шу боғчага қатнаяпти, — дейди ота-оналардан бири Дилдора Ёқубжонова. — Муассаса уйимизга яқин ҳудудда жойлашган, замонавий кўринишга эга, тарбиячилари малакали, ширинсўз. Энг муҳими, бу ердаги шароитлар — болаларнинг ўйин майдончалари, овқатланиш, ювиниш, дам олиш хоналари талабларимизга мос. Бу фарзандларимизнинг сифатли бошланғич билим олишлари, ҳар томонлама соғлом ўсиб-улғайишига хизмат қилади.