Фарзандларимизнинг онги ва келажагини шакллантиришда ўқитувчилар жамиятда муҳим ўрин тутади. Уларнинг фарзандларимизга билим бериш ва тарбиялаш йўлидаги фидойиликлари, садоқатлари чексиз ҳурмат эҳтиромга лойиқдир. Айнан уларнинг йўл-йўриқлари ва устозлиги орқали фарзандларимиз ҳаётда муваффақият қозониш учун зарур билим, кўникмаларга эга бўлмоқда. Ўқитувчиларнинг “Миллий форуми” ўқитувчиларнинг бебаҳо ҳиссаларини эътироф этувчи, улуғлайдиган ажойиб ташаббусдир. Бу ўқитувчиларнинг бирлашиши, тажриба алмашиши ва бир-биридан ўрганиши мумкин бўлган платформадир. Таълим соҳасига сармоя киритиш ва ўқитувчиларни зарур ресурслар билан таъминлаш орқали биз миллатимиз келажагига сармоя киритамиз.
Учқўрғон туман маданият марказида ўтказилган иккинчи Устозлар форумида соҳа эгалари шаънига мана шундай таърифлар айтилди. Туман ҳокими Янги Ўзбекистонда ўқитувчи ва тарбиячилар қадр топаётгани, умуман олганда таълим-тарбияга қаратилаётган эътибор ҳақида гапирди. Кейинги йилларда 14 та мактаб мукаммал таъмирланиб, 7 та мактаб реконструкция қилинган бўлса, 3 та мактаб янгидан қурилиб фойдаланишга топширилди. 10 дан ортиқ мактаблар тўлиқ жиҳозланиб, таълим муассасаларига 200 дан ортиқ замонавий компьютер техникалари етказиб берилганлиги таъкидлаб ўтилди. Шундай шароитлар ўз натижасини кўрсатиб бормоқда. Бу йил жами 287 нафар битирувчилар муддатидан олдин хорижий ва республикадаги олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиндилар.
Форумда ўқув йили давомида намуна кўрсатиб ишлаган бир гуруҳ соҳа вакилларига сектор раҳбарлари ва фахрий устозлар Ташаккурнома ҳамда эсдалик совғаларини топширдилар. Мактаб ва мактабгача таълим ташкилотларининг ёш истеъдодлари бадиий дастур билан байрамона кайфият бахш этдилар. Янги ўқув йили олдидан ҳар бир умумтаълим мактабига чолғу асбоблари берилди.