Эртанги кунга пойдевор, келажакка мустаҳкам замин таълим соҳасидан қўйилади. Бинобарин, бугун маърифат даргоҳларида сабоқ олиб, камол топаётган ўғил-қизлар эртанги кун бунёдкорлари. Айнан улар келажакни барпо қилади.Ўқитувчиларга келажак боғбони, дея таъриф берилиши бежиз эмас. Бу улкан шараф учқўрғонлик халқ таълими соҳаси вакиллари, педагог ходимлар зиммасига катта масъулият юклайди. 

Ана шу масъулиятга муносиб фаолият натижаларда, таълимда сифат ва самарадорликни ошириш йўлидаги одимларда яққол намоён. Шу жиҳатдан поёнига етаётган 2022 йилга назар ташлайдиган бўлсак, ютуқ ва муваффақиятлар салмоғи янада ортганини кўриш мумкин.

Ўтган 2021 – 2022 ўқув йилида Учқўрғон туманидаги умумтаълим муассасаларини жами 1474 нафар ўқувчи битирган бўлса, уларнинг 501 нафари айни пайтда олий таълим муассасалари талабаси сифатида ўқишни давом эттирмоқда. 197 нафари нуфузли хорижий ўқув юртларида таълим олаётгани қувонарли. Ўқувчиларга умумтаълим фанларини мукаммал ўргатиш баробарида уларни тафаккури кенг, жисмонан баркамол, маънан етук инсонлар қилиб улғайтириш ғоят муҳим

Шунинг учун ҳам умумтаълим мактабларида маънавий-маърифий ишларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳозирги кунда туманда 1908 та фан, спорт ва касб-ҳунар йўналишидаги тўгараклар фаолият олиб бормоқда. Уларда ўқувчилар умумтаълим фанларидан дарсда олган билимларини мустаҳкамлаб, ўзлари қизиққан касб-ҳунар сирларини ўрганмоқда. 38 та мактабда ташкил қилинган театр жамоалари фаолияти, барча таълим муассасаларидаги адабиёт, бадиий ижод, тасвирий санъат ва мусиқа йўналишидаги тўгараклар ўғил-қизларнинг иқтидор ва қобилиятини тоблаб, истеъдодини юзага чиқаришга хизмат қилмоқда.

Мактабларда фаолият олиб бораётган ўқитувчиларнинг 298 нафари олий тоифали бўлса, 613 нафари 1 тоифа эгасидир. Хорижий тиллар бўйича фан ўқитувчиларининг 91 нафари CEFR, TESOL, APTIS, ТКТ каби халқаро ҳамда миллий сертификатларни қўлга киритганини алоҳида таъкидлаш ўринли.

 “Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг 2-босқичида тумандаги 5 та мактаб ғолиб бўлди. Айни пайтда уларда 2,9 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари якунига етиш арафасида. Бу қулайлик ва имкониятлар кўлами янада ортишидан далолат беради.

Келажакка эътибор ва ғамхўрлик ифодасини мамлакатимиздаги инсонпарварлик ва бағрикенглик, муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан келажак авлод камолига қаратилаётган эътиборда яққол кўриш мумкин.

Яқиндагина 14,9 миллиард сўмлик қурилиш-бунёдкорлик ишлари амалга оширилиб, тараққиёт асри талабларига хос ва мос тарзда фойдаланишга топширилган тумандаги 46-сонли махсус мактаб-интернатда таҳсил олаётган 282 нафар ўқувчиларга “Zamin” фонди томонидан 564000 АҚШ долларилик замонавий, рақамли эшитиш мосламалари туҳфа этилди. Бу болажон диёримизда ҳар бир бола меҳр, эътибор ва ғамхўрлик оғушида эканлигининг ёрқин ифодасидир.

Давлатимиз раҳбари томонидан “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб ном берилган 2023 йилда бу борада барча имкониятларни ишга солмоқчимиз. “Учқўрғон тажрибаси” сифатида бу борада бюджетдан ташқари маблағларни шакллантириш ва улардан фойдаланишда ижобий натижалар эътирофи сифатида вилоят семинари ташкил этиш режалаштирилди. 1-, 8-, 23-, 44-мактабларда кўп йиллик ва бой тажриба тўпланган. “Илғор мактаб директори” ва “Намунали ўқитувчи” танловлари эса педагог ходимларни янада ўз устида тинимсиз ишлашга, изланишга, ташаббусларга чорлаши аниқ.

Бинобарин, муҳтарам Президентимиз Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаларида “Бир тану бир жон бўлиб ҳаракат қилсак, мен ишонаман, эл-юртимиз интилаётган Янги Ўзбекистонни албатта барчамиз биргаликда бунёд этамиз”, дея барчани, бутун халқимизни шижоатга руҳлантирдилар.

Учқўрғон туманидаги 47 та умумтаълим мактабида таълим олаётган 28 947 нафар ўғил-қизлар камоли йўлига ҳаётини, илму салоҳиятини бахшида этган 2300 нафар устоз-муаллимлар буни қалбан ҳис этиб фаолият юритмоқдалар.

By admin