1 октябрь – Устоз ва мураббийлар куни муносабати билан бугун Учқўрғон туманидаги “ШОХ” тантаналар мажмуасида байрам тадбири ташкил этилди. Тадбирда туман ҳокими секторлари раҳбарлари, 300 нафардан зиёд устоз ва мураббийлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.
Ўзининг машаққатли меҳнати, ижодий салоҳияти билан жамиятимиз ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган ўқитувчи-мураббийларни, нуроний устоз фахрийларни табриклаш учун сўз олган туман ҳокими Давлатимиз раҳбари бошчилигидаги улкан ислоҳотлар доирасида таълим соҳасининг ривожи устуворлик касб этаётганини, жамиятимизда ўқитувчиларнинг шаъни ва ҳурматини улуғлайдиган муҳит шаклланаётганини таъкидлади.
Улуғ маърифатпарвар Абдулла Авлонийнинг “Ҳар бир миллатнинг саодати, давлатнинг тинчи ва роҳати ёшларнинг яхши тарбиясига боғлиқдир,” деган сўзларини иқтибос қилиб келтирган туман раҳбари, азалдан илм ва маърифат замини бўлиб келган Учқўрғонда таълим соҳасида сўнгги йилларда эришилаётган юқори натижаларни алоҳида қайд этди.
Тадбирда олий ўқув юртларига кириш кўрсаткичлари юқори бўлган умумтаълим мактаблари директорлари, фахрий устозлар, бугунги кунда таълим тизимининг барча жабҳаларида самарали фаолият олиб бораётган ўқитувчилар ва мураббийларнинг катта гуруҳи туман ҳокимлигининг фахрий ёрлиқлари, ташаккурномалари ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Туман маданият маркази санъаткорлари томонидан куйланган куй-қўшиқлар, гўзал тароналар эса ўйин-кулгуларга уланиб, барчага кўтаринки кайфият бағишлади.